Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони 1 май куни эрталаб соат 6 да ўпирилишни бошлаб, яқин-атрофдаги аҳоли уйларини сув босган.
Воқеа гувоҳининг Озодликка айтишича, аввал Мирзаобод туманидаги халқ тилида "1А совхоз" деб аталадиган аҳоли пунктини, сўнгра эса аҳоли яшайдиган бошқа ҳудудларни сув боса бошлаган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва ички ишлар бўлимлари, Миллий гвардия ходимлари аҳолини уйғотиб, эвакуация қилишни бошлаган.
Тошкент вақти билан соат 08.30.да гаплашганимиз сирдарёликлардан бири:
"Эрталаб соат 6 да бирдан тревога бўлди, телефонлар тинмай жиринглай бошлади. "Туринглар, Жиззах томонга қочинглар, Сардоба ўпирилиб кетибди", деб милиция ходимлари кўчада жар соляпти. Бизнинг уйдан сув омборигача бир километр. Дарров ҳужжатларни олдик-да, кўчага чиқдик. Қарасак, тўполон, ҳамма машинасига ўтириб қочяпти, биз ҳам қўшилиб қочдик. Жуда ҳам қўрқинчли овозда сув бостириб келаётган эди, бизга яқин қолганда машинамиз юрди. Бутун совхоз сув ичида қолди. Мен яшайдиган 1 ва 1А совхозларини тамоман сув босди. Ҳозир ҳамма катта йўлнинг ёқасига чиқиб олган. Бошқа совхозларни эвакуация қилиш давом этмоқда", деди.
02.05.2020 11:26:38